
Ушбу қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этиши билан эътиборлидир.
Шу кунларда оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида 2023 йилнинг дастлабки ўқув-машғулот йиғинда иштирок этмоқда.
Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлик бўйича ишлаб чиқилган махсус дастур асосида ўтказилаётган мазкур ўқув-машғулот йиғинида 15 нафар спортчи қатнашмоқда. Улар орасида Руслан Нуруддинов, Акбар Жўраев, Достонбек Ёқубов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Адҳамжон Эргашев, Турсуной Жабборова каби номдор оғир атлетикачиларимиз билан бир қаторда кўрдлаб ёш спортчиларимиз бор.
Машғуотлар Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси томонидан тасдиқланган режа асосида олиб борилмоқда.
Ўқув-машғулот йиғини бош мураббий Бахром Мендибоев, мурабббийлар Жўра Зоировларнинг кўрсатмаси асосида ташкил этилмоқда. Машғулот жараёнларида спортчиларнинг саломатлигини терма жамоа физиотерапевти Обиддин Муслимов томонидан назорат қилиб борилмоқда.
Мазкур машғулот натижасида сараланган терма жамоа аъзолари жорий йилнинг 3-13 май кунлари Жанубий Кореянинг Жинжу шаҳрида ўтадиган Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади.
Эътиборли жиҳати, Жинжуда ўтадиган ушбу қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадаси учун рейтинг очколарни тақдим этадиган мусобақа бўлганлиги учун унга қитъа давлатларида қизиқиш ва муносабат алоҳида аҳамиятга эга.
Чирчиқ шаҳрида 10 январдан бери давом этаётган ушбу ўқув-машғулот йиғини 2 февралгача давом этади.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси
Матбуот хизмати.