
Бугун, 17 август куни Ислом бирдамлик ўйинларининг мусобақалари ўтказилаётган 12-кунида айрим спорт турларидаги умумий натижалар эълон қилинди.
Гарчи 12 та спорт туридаги баҳслар давом этаётган бўлса-да, поёнига етган спорт йўналишларида қайси давлат жамоалари етакчиликка эришди? Медаллар сарҳисоби қай кўринишда бўлди каби масалалар кўпчиликни қизиқтириши табиий.
Сўзимиз шу ҳақда.
Биз учун аҳамиятли жиҳат, мамлакатимиз спортчилари якунига етган спорт турларидан айниқса, оғир атлетикада энг юқори натижани қайд этди.
Эътиборлиси, юртимиз спортчилари оғир атлетика спорт турида энг кўп совринли ўринларга сазовор бўлиб, умумий медалларимиз сарҳисоби юксалишига жуда катта ҳисса қўшди. Муросасиз баҳсларда полвонларимиз 15 та олтин, 3 та кумуш, 6 та бронза, жами 24 та медаль билан спортчилари совриндор давлатлар орасида Ўзбекистоннинг 1-ўринни эгаллашини таъминлади.
Оғир атлетикачиларимиз 15 та олтин медалга мушарраф бўлиш билан бирга Ислом бирдамлиги ўйинларининг рекордларини ҳам ўрнатишди. Хусусан, Акбар Жўраев, Руслан Нуруддинов, Сарваржон Зафаржонов ҳамда Турсуной Жабборованинг ҳар бири 3 тадан рекорд қайд этди. Умидли спортчимиз Муҳаммадқодир Тоштемиров силтаб кўтаришда ўйинлар рекордини янгилади.
Яна бир ўзига хос жиҳат. Коня-2021 ўйинларида оғир атлетика бўйича мамлакатимизнинг 11 нафар спортчиси иштирок этган бўлса, уларнинг барчаси совринли ўринларни қўлга киритди. Ҳеч бири Туркиядан “қуруқ қўл билан” қайтмайдиган бўлди.
Бу, жараёнларнинг барчаси Коня-2021 ўйинларидаги жамғармамиз ҳолатини янада яхшилаши шубҳасиз. Қолаверса, ушбу ўйинлар Ўзбекистон спортининг бугунги “об-ҳавоси”ни, унинг Париж-2024 Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарлик стратегиясининг техник-тактик ҳолатини ҳам аниқлаб олишга изн бермоқда.
Энг муҳими, Ислом бирдамлик ўйинлари мамлакатимиз спортининг келажак режалари, мақсадлари тубдан янгиланганлигини, янгича мақсадлар сари одимлаётганлигини акс эттирди.
Очиғи, бундан 5-10 йиллар муқаддам комплекс спорт мусобақаларида, ўйинларда Ўзбекистон спорт жамоалари умумий медаллар сарҳисобида тор доираларда, кичик мақсадлар теграсидаги курашларда ўралашардик. Бугун Янги Ўзбекистоннинг янгича қарашдаги ёш спортчилари халқаро майдон мақсадларидан келиб чиқиб, янгича тамойилларни жорий этмоқдаки, бу натижаларда акс этаётир.
Якунланиб бораётган Коня-2021 ўйинлари, бундан 10 кунча муқаддам Россия Федерациясида поёнига етган “Осиё болалари” ўйинлари, куни кеча Ҳиндистонда Ўзбекистон шахматчиларининг ғалабаси тантана қилинган 44-бутунжаҳон шахмат олимпиадаси мамлакатимиз спортида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўламини янада виқорли эканлигини ойдинлаштирди.
Бу ғалабалар, ютуқлар юрт шуҳратини оламга тараннум этмоқда, минг-минглаб оилаларга, маҳаллаларимизга шодлик, қувонч муждаларини олиб кирмоқда.
Зотан, “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” тамойилининг жорий этилганлиги, шу асосда Туркия, Ҳиндистон, Россия спорт майдонларида муваффақиятлар юз очиши асносида жонажон Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз баралла янграётганлиги Мутақиллигимиз тантанаси, унинг шукуҳли 31 йиллик шодиёнасига ёш спортчиларимизнинг муносиб тўёнаси бўлмоқда.