
Жорий йилнинг 20-24 июнь кунлари Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида огир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида ўтказиладиган Марказий Осиё очиқ чемпионатида Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Қозоғистон, Эрон, Туркия, Озарбайжон мамлактларининг ёш спортчилари ғолиблик учун кураш олиб боради.
Мусобақаларда 8 та давлатнинг 54 нафарга яқин ёшлари 15 та вазн тоифасидаги баҳсларда қатнашади.
Чемпионат низомига биноан мусобақада ҳар бир давлатга 6 нафар спортчи билан қатнашиш ҳуқуқи берилган бўлиб, Марказий Осиё очиқ чемпионатининг мезбони бўлган Ўзбекистон терма жамоасига 15 нафар спортчи билан иштирок этиш имтиёзи тақдим қилинган.
Баҳсларни бошқариб боришда 5 нафар халқаро тоифадаги ҳамда 10 нафар ўзбекистонлик ҳакамлар иштирок этади.
Илк бор ташкил этилаётган Марказий Осиё Очиқ чемпионати иқтидорли ёшларни саралаш, уларда халқаро мусобақалар кўникмасини шакллантиришга хизмат қилиши билан эътиборли турнир саналади.
Шунингдек, мазкур чемпионат қардош халқлар ўртасидаги дўстона муносабатларни янада мустаҳкамлаш, спорт алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.
Чирчиқ спорт майдонида Марказий Осиё очиқ чемпионати ғолиблиги учун супачага кўтариладиган ёш иқтидорлар келгусида катталар ўртасидаги қитъа ва жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида ўз мамлакатлари шарафини ҳимоя қиладиган маҳоратли оғир атлетикачилар бўлиб камолга етиши шубҳасиз.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси
Матбуот хизмати.