
Маълумки, жорий йилнинг август ойида Туркиянинг Конья шаҳрида V Ислом бирдамлик ўйинлари бўлиб ўтади.
Дунёнинг 60га яқин давлатидан бир қатор спорт турлари бўйича терма жамоалар қатнашадаган мазкур мусобақада мамлакатимиз оғир атлетикачилари ҳам муносиб иштирок этиш учун ҳозирлик кўрмоқда.
Бугун Коня-2021 Ислом ўйинларига тайёргарликнинг бориши бўйича Ўзбекистон оғир атлетика терма жамоаси аъзолари, мураббий ва спортчилар, мутахассислар, федерация бош котиби Бахтиёр Абдукаримов, тренер-селекционер Азамат Шарипов ҳамда айни дамда Анталья шаҳридаги ўқув-машғулот йиғинидаги терма жамоа вакиллари, бош муррабий Баҳром Мендибоев иштирокида Zoom платформаси орқали йиғилиш ўтказилди.
Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, Халқаро оғир атлетика федерацияси ижроия қўмитаси аъзоси Шаҳрулло Маҳмудов раислигида ўтган йигилишда Коня-2021 ўйинларида қатнашадиган таркиб ва уларнинг техник-тактик тайёргарлик жараёнлари, ҳар бир спортчининг саломатлиги, руҳий ҳолати, бўлғуси рақиблар, ҳар бир спортчининг имконият даражаси муҳокама қилинди.
Йиғилишда таъкидланганидек, йилнинг энг нуфузли спорт ўйинлари Париж-2024 олимпия ўйинлари олдидан муҳим босқич эканлиги таъкидланиб, эътиборни шунга қаратиш кераклиги, машғулотлар режаси, Ислом бирдамлик ўйинларида иштирок этадиган таркибни шакллантиришда 2024 йилги олимпия ўйинларида қатнашадиган таркибдан келиб чиқиш лозимлиги билдирилди.
Танқидий, таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда терма жамоа бош мураббий Б. Мендибоев спортчиларнинг умумий ҳолати, кунлик юкламаларни спортчилар томонидан бажарилиши бўйича ахбороти тингланди. Федерация бош котиби Б. Абдукаримов Конья-2021 ўйинларида қатнашадиган мутахассислар таркиби, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг бориши, ўйинлар муддатига тўғри келаётган ички чемпионатлар, ўқув-йиғинлар борасида ахборот берди. Муҳокамалар якунида кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси
Матбуот хизмати.