
Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрининг "Юнусобод" спорт мажмуасида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати бўлиб ўтмоқда.
Осиё биринчилигида 21 давлатдан 250 дан ортиқ спортчилар чемпионлик учун курашишяпти. Спортчилар билан бирга делегация раҳбарлари ва мураббийлар штаби ҳам пойтахтимизда меҳмон бўлиб турибди.
Шу сабабли, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги мутахассислари томонидан хорижлик мутахассислар ва спортчилар учун "Антидопинг қоидабузарлик турлари ва допинг-назоратини амалга ошириш тартиби" тўғрисида хорижлик ва маҳаллий мутахассисларга ўқув-семинар ўтказилди. Семинар якунида Халқаро Оғир атлетика федерацияси вакиллари ва ташкилий қўмита мутасаддилари ҳамкорлик учун ўз миннатдорчилигини билдирди ва агентлик мутахассислари мамлакатда ҳалол спорт тарғиботини амалга оширишдаги самарали фаолияти учун сертификатлар билан тақдирланди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионати 25 июлгача давом этади. Шунингдек, мусобақада 34 нафар оғир атлетчилар мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилишади.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси ушбу мусобақада барча спортчиларга омад тилайди.