
Куни кеча юртимизга оғир атлетика бўйича Латвия терма жамоаси аъзолари етиб келишди. Улар уч ҳафта мобайнида Ўзбекистонда ўқув-машғулот йиғинини ўтказади.
Шунингдек, жорий йил 5 сентябрдан 15 нафар спортчи ва мураббийлардан иборат Саудия Арабистони терма жамоаси ҳам Ўзбекистонга етиб келади ҳамда Латвия жамоаси билан ҳамкорликдаги машғулотларга киришади.
Хориж жамоалари Тошкентдаги йиғин жараёнида Акбар Жўраев ва Руслан Нуриддинов етакчилигидаги Ўзбекистон терма жамоаси билан ҳамкорликда қўшма машғулотларда қатнашишни режалаштирган.
Жамоаларнинг Тошкент машғулотларидан кўзлаган мақсадига эътибор қаратсак. Латвия оғир атлетикачилари Тошкент йиғини орқали 2024 йилги Париж олимпиадасининг илк рейтинг мусобақаси ҳисобланадиган бу йилги жаҳон чемпионатида муносиб натижага эришишни кўзламоқда. Мазкур чемпионат жорий йилнинг 5-16 декабрь кунлари Колумбия давлатида ўтказилади.
Саудия жамоаси эса мамлакатимизда ўтадиган машғулотлардан олган билим ва кўникмалари натижасида шу йилнинг 6-16 октябрь кунлари Баҳрайнда бўладиган қитъа чемпионатида муносиб қатнашишни мақсад қилган.
Хориж жамоаларининг мамлакатимизда машғулот ўташи, нуфузли мусобақаларга тайёргарлик кўриши ҳар томонлама фойдали. Бу, Ўзбекистон оғир атлетика мактабининг кучли эканлигига, юртимиз табиати, машғулот майдончалари, мажмуалари халқаро талабларга жавоб беришидан далолат.
Олдинлари шундай бўлармиди? Яъни, олимпия ўйинларига, жаҳон ва қитъа чемпионатларига тайёргарлик кўраётган хорижий мамлакат жамоалари тайёргарликни уч ҳафталаб Ўзбекистонда олиб борармиди? Бундан 5-6 йиллар муқаддам 1-2 та жамоалар юртимизга меҳмонга келибоқ кетганлигини айтмаса, бу ҳолат кузатилмасди.
Кейинги 2-3 йил оралиғида вазият тубдан ўзгарди. Бокс, дзюдо, умуман якка кураш спорт турларида чет мамлакат жамоаларининг Ўзбекистонга тез-тез келиб-кетиши ортди.
Бу, нимадан далолат? Европанинг идеал спорт майдонларида шуғулланиб юрган латвияликларнинг ёки бугун Америка-ю кўҳна қитъа эшикларини “ўзиники қилиб олган” араб спортчиларининг Ўзбекистонга қизиқиши, эътибори нимани ҳисобига рўй бермоқда?
-Барчасининг ортида мамлакатимизда очиқлик сиёсатининг юргизилаётганлиги, буюк ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон жаҳонда ўз ўрнини топиб бораётганлиги мужассам. Қолаверса, бугун ифтихор билан айтиш жоиз, юртимиз спортчилари ўз ютуқлари билан жаҳон атлетлари орасида салоҳиятини, куч-қудратини намойиш этди. Авваллари биз чет мамлакат спорт федерацияларига таклиф билан чиқардик. Сизнинг давлатингизга борсак, сизлар билан шуғуллансак, қўшма машғулот ўтказсак бўладими, қачон сизларга маъқул бўлса биз борамиз, деган маънода. Бугун вазият тубдан ўзгарди. Энди улар бизга мурожаат қилишмоқда. Шу ўринда айтиш керакки, кейинги 3-4 йил оралиғида биргина оғир атлетика спорт тури бўйича мамлакатимизда янгича инфратузилма яратилди. Терма жамоа аъзоларигина эмас, чекка-чекка ҳудудлардаги спорт мажмуаларида шуғулланаётган ёшлар ҳам замонавий спорт жиҳозларига, инвентарларга эга бўлди. Шундай бўлгандан кейин ҳар қандай хориж жамоаси ўзбекистонликлар билан шуғулланишни, ҳамкорлик қилишни ҳоҳлайди-да. Аммо, хориж жамоаларнинг эътибори юксаклигини таъкидлаган ҳолда мамлакатимизнинг айрим жойларида, хусусан олимпия ўйинлари ғолиби, жаҳон чемпионлари етишиб чиққан баъзи масканлардаги мавжуд спорт инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қилиниши зарур бўлган ишлар ҳам йўқ эмас. Ҳозирда Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда бу борада зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Спортни ривожлантириш вазири ўринбосари, мамлакат оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов. Дарҳақиқат шундай.
Мамлакатимизда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида амалга оширилаётган кенг кўламли ривожланиш тамойиллари сабабли бугун ютуқлар юз очмоқда. Жаҳон спорт майдонларида қўлга киритилаётган муваффақиятлар, яратилаётган шарт-шароитлар туфайли хорижлик спортчиларда ҳам Ўзбекистонга қизиқиш, эътибор ортиб бормоқда. Бу, сўзсиз нияти холиснинг истаги ижобат бўлади, деганидир.