
Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 23 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясининг юқори даражадаги умумсиёсий мунозараларида иштирок этди.
Бош Ассамблеянинг марказий тадбирлари жаҳонда вужудга келган эпидемиологик вазият муносабати билан БМТ тарихида илк бор видеоанжуман шаклида бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари сессиянинг ялпи қисмида сўзга чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборига минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этади ҳамда Ўзбекистонни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзусини ҳисобга олиб, коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш ва касаллик тарқалишининг салбий оқибатларини енгиб ўтиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Президент Шавкат Мирзиёев: «Бундай глобал фалокат сайёрамизда сўнгги юз йилда кузатилмаган эди. Бу офат бутун инсониятнинг заиф жиҳатларини яққол кўрсатди. Ҳозирги таҳликали ва мураккаб вазият ер юзидаги барча давлатлар ва халқлар ўзаро боғлиқ эканини, ўртамизда мунтазам мулоқот, ишонч ва яқин ҳамкорлик ўта муҳимлигини исботлади.
Шу йўлда барчамиз ҳукуматлар, парламентлар ва фуқаролик жамиятларининг ўзаро саъй-ҳаракатларини бирлаштириш, умумий масъулият тамойилларини мустаҳкамлаш, халқаро шерикликни мувофиқ ҳолда ривожлантириш, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мақоми ва салоҳиятини ошириш, ваколатларини кенгайтириш лозимлигини чуқур англадик.
Мақсадимиз – ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини, саломатлиги ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда яратишдир.
Бу борада биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Ушбу ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этиши лозим».