
Маънавий-маърифий тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Дилшод Ражабов, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессори, маънавият тарғиботчиси Дилором Бобожонова, ассоциация ходимлари, спортчилар ва тренерлар иштирок этди. Тадбирни Паралимпия ассоциацияси раиси ўринбосари Шарифжон Моминджанов олиб борди. Ш.Моминджанов тадбир аввалида Мустақилликнинг дастлабки йилларидан миллий ўзлигимизни англаш, буюк аждодларимиз номини тиклаш, маънавий меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилгани, бугунги кунда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимизда китобхонлик маданияти муҳим воқеликка айланаётганини, Мир Алишер Навоий бобомизнинг тенгсиз маънавий мероси бугунги ёшлар ва келажак авлодлар учун ҳам ҳаёт мактаби бўлишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Тадбирда меҳмонлар Навоий бобомизнинг таржимаи ҳоли, ҳаёти ва бетакрор ижоди ҳақида йиғилганларга яна бир бор гапириб беришди. Билдирилган илиқ фикрлардан сўнг Навоийхонлик кечаси буюк бобомизнинг ёзган энг сара ғазал ва рубоийлари ила давом этди. Жумладан, ассоциация ходимлари ва спортчилар Навоий бобомиз қаламига мансуб бир-биридан гўзал шеърий сатрларни ёддан айтиб беришди.
Таъкидлаш керакки, Навоийхонлик кечаси шу куни нафақат Паралимпия ассоциациясида, балки, ассоциация тизимидаги спорт турлари бўйича барча терма жамоалар ўқув-машғулот базаларида ҳам ўтказилмоқда. Жумладан, бундай тадбирлар ҳозирда ўқув-машғулот йиғинлари олиб бораётган пара-таэквондо, пара-стол тенниси, пара-сузиш, пара-каноэ ва пара-академик эшкак эшиш спорт турлари аъзолари иштирокида ҳам бўлиб ўтди.