График работы:
Д-Ж 9.00-18.00
Название
наш Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1
ЗВОНИТЕ НАМ

Олимпия ўйинлари афсоналари туркумидан: «Учар фин»

« Back

Олимпия ўйинлари афсоналари туркумидан: «Учар фин» 26.05.2020 17:20

Югуриш йўлакчаларининг машҳур қироли, Финляндиянинг миллий қаҳрамони, спорт тарихида энг буюк енгил атлетикачи, тўққиз карра Олимпия ўйинлари чемпиони, кўп марта жаҳон рекорди ўрнатган, ўз даврида вақтни ҳам орқада қолдирган Пааво Нурмини шундай деб аташарди.

У 1897 йилда Финляндиянинг жанубий-ғарбий қисмидаги Турку порт шаҳрида туғилган Пааво тўққиз ёшлигида маҳаллий ярмарка ўтказилаётган пайтда уюштирилган 1500 метрга югуришда биринчи марта синфдошлари билан мусобақалашиб ғолибликни қўлга киритган. Бир йил ўтгач, у ана шу масофани 5 дақиқа 43 сония ичида югуриб ўтганида кўпгина кузатувчилар боланинг иқтидорлилигини таъкидлашган.

1910 йилда отаси 49 ёшида барвақт вафот этганидан кейин Пааво ўзининг спортга бўлган эҳтиросини жиловлашга мажбур бўлган. Мактаб чемпиони оилада энг катта бола бўлганлиги учун ўқишини тўхтатиб, 13 ёшлигида йигирув фабрикасига ишга киришга мажбур бўлган.

Пааво 1919 йилда армия хизматини ўтаб келгандан кейингина югуриш билан жиддий шуғуллана бошлади. Аслида армияда ҳам у ўзига эътиборни қарата олганди: ҳарбий хизматни энди бошлаган йигитлар ўртасида қурол-аслаҳа ва қум тўлдирилган юк халтаси билан 15 километрга югуришда Нурми ўрнак кўрсатган эди.

Пааво Нурми биринчи марта Антверпенда 1920 йилдаги Ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этган. У ана шу мусобақаларда 10000 метрга югуриш ҳамда шахсий ва жамоавий кроссда ғолибликни қўлга киритди.

1924 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпиадада Нурми бешта олтин медаль соҳиби бўлди: 1500, 3000 ва 5000 метр, шахсий ва жамоавий кросс. Бу ўринда 1500 ва 5000 метрга югуришнинг финал мусобақалари оралиғи атиги 26 дақиқани ташкил этганлигини таъкидлаш керак. Пааво 800 ва 10000 метрга югуришда ҳам иштирок этмоқчи бўлган, бироқ Финляндия енгил атлетика федерацияси бунга рухсат бермаган.

Амстердамда 1928 йилда ўтказилган Олимпия ўйинларида Финлядия енгил атлетикачиси яна 10000 метрга югуришда олтин медални қўлга киритган.

1932 йилда Лос-Анжелесдаги Олимпиадада Нурми спорт мусобақаларидаги иштирокини марафонда якунламоқчи бўлган. Аммо мусобақалар бошланиши олдидан унга ҳаваскор спортчи мақомидан маҳрум қилингани ва марафонда иштирок этишдан четлаштирилиши (у югуриш мусобақаларида қатнашгани учун пул олганлиги исботланган) билдирилган.

Шундан кейин Пааво Нурми Олимпия ўйинлари мусобақаларида иштирок этмаган. Фақат 1952 йилда Хельсинкида бўлиб ўтган Олимпиаданинг тантанали очилиш маросимида у стадионга Олимпия ўйинлари машъаласини олиб кирган.

“Учар фин” спорт мусобақаларида турли масофаларга югуришда 22 та жаҳон рекордини ўрнатган. Лойиҳалаш соҳасида билим олган Пааво Нурми 1936 йилда «Asusteliike Paavo Nurmi Oy» компаниясига асос солган ва 1973 йилгача унинг ижрочи директори бўлган.

“Тайм” журнали 1997 йилда Пааво Нурмини аср спортчиси деб эълон қилган. Хельсикида Олимпия стадиони ҳудудида буюк ватандошлари шарафига Пааво Нурмининг ҳайкали ўрнатилган. Туркудаги стадион ҳам 1997 йилда унинг номига қўйилган. Пааво Нурми сиймоси 1986 йилда зарб этилган 10 фин маркасида муҳрланган. 2012 йилда эса Пааво Нурми Халқаро енгил атлетика федерациясининг Шон-шуҳрат залидан ўрин олган.


новости
31 Января 2023
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги раҳбариятида янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.
25 Января 2023
Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинлари келгуси йил Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади.
23 Января 2023
Осиё ўйинларидаги оғир атлетика мусобақалари ва Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) жаҳон чемпионати ўртасидаги тафовутни кенгайтириш мақсадида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида оғир атлетика мусобақаларининг янги саналари эълон қилинди.
19 Января 2023
2023 йил оғир атлетика мусобақалари Самарканд шахри мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати билан бошланади.
16 Января 2023
Ушбу қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этиши билан эътиборлидир.
Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1