
Бугун, 17 апрель куни пойтахтдаги "Ўзбекистон" спорт мажмуасида мусобақанинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимида Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси бош котиби Ойбек Касимов, Россия оғир атлетика федерацияси Президенти Максим Агапитов ва бошқа кўплаб мутахассислар, хорижий меҳмонлар иштирок этишди.
Шунингдек, Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов сўзга чиқди.
"Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан жуда хурсандман. Очилиш маросимига тайёргарлик ажойиб даражада эканлигини кўриб турибман. Ўйлайманки, бутун мусобақа шу йўсинда давом этади. Ўзбекистон оғир атлетика майдонида етакчилардан бири. Юртингизда спортнинг бу турига бўлган эътибор ва унинг жадал суратларда ривожланаётганини таъкидламай илож йўқ.
Осиё чемпионатига ташриф буюрган барча спортчиларга омад ва юқори натижалар қайд этишни тилаб қоламан" - деди Халқаро оғир атлетика федерацияси бош котиби Муҳаммад Жалуд.
Кейинги сўз навбати МОҚ раиси Рустам Мавзуровичга берилди.
"Юртимиз йил бошидан буён бир неча нуфузли турнирларга мезбонлик қилиб келмоқда. Жумладан, пойтахтимизда дзюдо бўйича "Катта Дубулга" турнири, проффесионал бокс оқшоми, енгил атлетика бойича 3-Тошкент халқаро марафони юқори савияда ташкил этилди. Куни кеча Тошкентда яна бир нуфузли мусобақа, бадиий гимнастика бўйича Жаҳон кубоги старт олди. Бугун мана барчамиз оғир атлетика бўйича Осиё чемпионатининг очилиш маросимида кўришиб турибмиз. Мазкур масьулиятли мусобақада барча спортчиларимизга омад, куч ва зафарлар тилаб қоламан" - деди МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов.
Рустам Шоабдураҳмонов Осиё чемпионатини расман очиқ деб эьлон қилганидан кейин мамлакатимиз мадҳияси янгради ва тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди ҳамда уни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қошидаги ҳарбий оркестр бошлаб берди. Ёш раққослари иштирокидаги бадиий чиқишлар томошабинларга кўтаринки руҳ бағишлади.
Кечанинг бадиий қисми якунланганидан сўнг, бугунги кунга белгиланган вазндаги беллашувлар старт олди. Регламентга кўра, бугун аёллар ўртасида -49 кг вазн тоифасида Осиё чемпионатининг илк ғолиб ва совриндорлари аниқлаб олинди. Бу ҳақида кейинроқ сайтимиз орқали билиб олишингиз мумкин бўлади.