График работы:
Д-Ж 9.00-18.00
Название
наш Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1
ЗВОНИТЕ НАМ

Медео – “рекордлар фабрикаси”

« Back

Медео – “рекордлар фабрикаси” 07.05.2020 13:26

“Медео” (қозоқчада Медеу) – қишки спорт турлари учун сайёрамиздаги энг йирик сунъий муз майдонига эга бўлган тоғ-чанғи мажмуаси.

Маскан Олма-ота шаҳри яқинидаги Алатау тизмасида денгиз сатҳидан 1700 метр баландликда жойлашган.
Унинг майдони сунъий муз қопламали стадион билан ҳисоблаганда 10 500 метр квадратдан ортиқ. Бу эса майдонда конькида югуриш, тўпли хоккей, фигурали учиш ва шу каби спорт турларини ўтказишга ёрдам беради.

Комплекс давлат аҳамиятига эга бўлган Қозоғистон Республикасининг шаҳарсозлик ва архитектура ёдгорлигидир. “Медео” тракти ва худди шу номдаги спорт мажмуаси кичик Олма-ота волостининг учинчи овули Медео Пусурманов номини олган.

1893 йил Верний (Олма-отанинг эски номи) шаҳрида 2000 га яқин хонадон бўлган ва бу кичик шаҳарда маълум бир ҳудуд ўша даврдаёқ Медео Пусурмановга тегишли бўлган. Келиб чиқиши бой оиладан бўлмаган Медео сабот билан меҳнат қилиши ва мақсадда собитқадам эканлиги натижасида ўз даврининг маърифатли намояндалари ва шаҳарнинг тўқ аҳолисидан бирига айланди. У биринчилардан бўлиб қозоқларни ўтроқликка, деҳқончиликка, ҳунармандчиликка даъват этган, ҳамюртларини маърифат ва маданиятга ошно қилган. Бундан ташқари, ҳомий сифатида Верний шаҳрини бунёд этишда фаол иштирок этган, шаҳарни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга катта эътибор берган. Верний аҳолисига зилзила, сув тошқинлари ва очарчиликлар вақтида моддий ёрдам кўрсатган.

Медео вафот этганидан сўнг унинг уйида Ўрмон мактаби ташкил этилган. Кейинчалик, 1920 йилда комиссар ва ёзувчи Фурманов томонидан мактаб ўрнида қумиз билан даволаш мактаби қуриш тўғрисида қарор қабул қилинган. Бу спорт мажмуаси кейин русча бузилиб номланиши бевосита Фурманов билан боғлиқлиги айтилади.
Спорт мажмуасининг қурилиши урушдан кейинги йилларда, 1949 йил кузида бошланган ва биринчи расмий мусобақалар бу ерда 1951 йилда ўтказилган бўлса ҳам сунъий музли стадион фақат 1972 йилда қуриб битказилган.

Мажмуа стадиони ва трибуналари бетондан ишланган. Ушбу минтақада тез-тез зилзила бўлиб туриши қурилишда ҳисобга олинган – конструкцияси монолитли, барқарор олд томонига эга. Стадионнинг кўп қатламли майдонида 20 турдаги материалдан фойдаланилган. Бу ерга совуқ элтувчи 170 километрли трубалар ўрнатилган бўлиб, у темир бетон устига ётқизилган. Музлатиш қурилмаларининг қуввати йилнинг саккиз ойи давомида, конькида учиш йўлкаларида эса йил бўйи муз бўлишини таъминлайди. Майдонни ёритиш учун 8 матчада 1600 та прожектор ўрнатилган. Қурилишдан кейин трибунадаги ўриндиқлар сони 12,5 мингтани ташкил этди. Шуниси қизиқарлики, халқ ҳам Медеони “рекордлар фабрикаси” деб атайди – бу ерда ўтган давр давомида конькида югуриш бўйича барча масофаларда эркаклар ва аёллар ўртасида 200 тадан кўпроқ жаҳон рекорди ўрнатилган. Мутахассисларнинг фикрича, бу бир неча сабаблар билан изоҳланади:

Биринчидан, юқори тоғ чўққилари бўлган бу ердаги қуёш нурлари энг мақбул даражада. Иккинчидан, босим паст, шамол оҳиста эсади. Учинчидан, энг асосийси эса, Кичик Олма-ота тоғ дарёсининг ўта шаффоф суви туфайли муз ноёб таркибга эга. 2,3 метр қалинликда бўлган бу муз сирғаниш тезлигини таъминлайди.

Тарихий манбалардан бирига қараганда, собиқ СССР раҳбарияти томонидан муз стадионини Олма-ота яқинида барпо этиш тўғрисида қарор қабул қилинишида бевосита ана шу ҳисобга олинган.

Авваллари конькида учиш бўйича мусобақаларнинг аксарияти Сибирда бўлиб ўтарди – бу ерда қишнинг узоқ давом этиши машқлар ўтказиш учун қулайлик яратарди. Собиқ Иттифоқ терма жамоасининг бош тренери қизиқарли ўхшашликка эътибор қаратган – қозоқ спортчилари, айниқса, олама-оталиклар Сибирда бошқаларга қараганда юқори натижалар кўрсатиб келган. Улардан бунинг сирини сўрашганларида, спортчилар Олма-отадаги музда бу ердагига қараганда “тезроқ училади” деб жавоб беришган.

Буни текшириб кўриш учун Олма-отадаги “Спартак” стадионида тажриба ўтказиш учун яхлатилган йўлакчалар тайёрланган. Тренерлар Олма-ота музининг ҳақиқатан ҳам тез учиришига гувоҳ бўлиб, жуда ҳайрон қолишган. Махсус комиссия узоқ вақт давомида бу жойларни ўрганиб, бўлажак муз саройи учун энг мақбул жойни – Медеони танлашган. Ясси тоғ муз саройи ва спорт майдони барпо этиш учун энг тўғри келадиган жой бўлган.

Медео мажмуасидан юқорида машҳур Шимбулоқ тоғ чанғи курорти жойлашган. Бу тоғ чанғиси иҳлосмандлари учун жаннатмакон жой – 8 та тоғ чанғи трассаси, шунингдек иккита баллон ва сноубордлар учун трасса мавжуд. Энг катта трасса узунлиги – 3620 метр. Трассанинг кенглиги – 100 метрдан кўпроқ, баландликларнинг фарқлилиги тоғ ёнбағрида 900 метрдан ортиқлиги, қиялик 29 градусни ташкил этиши трассаларда гангиратадиган тезликка эришиш имконини беради.

Тоғ чанғиси трассаларида қор тўплари ўрнатилган, меҳмонхона реконструкция қилинган, спа-марказлар ва ресторанлар, шунингдек тоғ чанғиси ва сноуборд мактаблари очилган.

Медеода йирик халқаро спорт мусобақалари ўтказилиши билан бирга бу маскан олмаоталиклар ва шаҳар меҳмонларининг севимли дам олиш жойи ҳисобланади. Статистика маълумотларига кўра, муз саройида ҳар йили 240 минг одам бўлади.

 

МОҚ Ахборот-таҳлил департаменти директори
Рустам Туктамишев


новости
31 Января 2023
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги раҳбариятида янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.
25 Января 2023
Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинлари келгуси йил Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади.
23 Января 2023
Осиё ўйинларидаги оғир атлетика мусобақалари ва Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) жаҳон чемпионати ўртасидаги тафовутни кенгайтириш мақсадида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида оғир атлетика мусобақаларининг янги саналари эълон қилинди.
19 Января 2023
2023 йил оғир атлетика мусобақалари Самарканд шахри мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати билан бошланади.
16 Января 2023
Ушбу қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этиши билан эътиборлидир.
Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1