График работы:
Д-Ж 9.00-18.00
Название
наш Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1
ЗВОНИТЕ НАМ

Интервью Шаҳрулло Маҳмудова

« Back

Интервью Шаҳрулло Маҳмудова 21.01.2018 17:22

 

 

2017 йил 29 декабрда Президентимиз Шавкат Мирзиёев оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг тўрт нафар аъзоси, ўтган йилнинг 28 ноябрь – 6 декабрь кунлари АҚШнинг Анахайм шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган ҳамда совринли ўринларни қўлга киритган спортчиларни пул мукофотлари билан тақдирлаш бўйича фармойишни имзолади.

Ана шу чемпионатда қайд этилган натижалар, штангачиларимизнинг 2017 йилда қўлга киритган бошқа ютуқлари, Токиода бўлиб ўтадиган навбатдаги Олимпия ўйинларининг саралаш баҳсларига кўрилаётган тайёргарликлар ҳақида батафсил маълумот олиш мақсадида Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси вице-президенти Шаҳрулло Маҳмудовни суҳбатга чорладик.

– Маълумки, федерация ёки ассоциация кўринишидаги спорт ташкилотларининг аксарияти ўз фаолиятини Халқаро Олимпия қўмитаси тақвим-режасига мувофиқ олимпия ўйинлари оралиғидаги тўрт йиллик муддатни қамраб олган давр, яъни тўртйиллик циклга мослаган ҳолда олиб боради, – дейди суҳбатдошимиз. – Хусусан, 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ёзги Олимпиада якунига етганидан сўнг (мазкур мусобақада беш нафар ўзбекистонлик оғир атлетикачи иштирок этган бўлиб, ҳамюртимиз Руслан Нурудинов – 105 килограмм вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган) федерациямиз спортчиларини 2020 йил Япония пойтахти – Токиода ўтказиладиган Олимпия баҳсларига қадар давом этувчи навбатдаги цикл доирасида ташкил этиладиган мусобақаларга тайёрлаб боришга киришди. Таъкидлаш жоиз, ана шундай цикл аввалида ҳар бир спорт тури терма жамоалари таркиби қайта шакллантирилади: фаолиятини тугатган ёки жароҳатланган спортчилар ўрнига бошқа даъвогарлар, кўп ҳолда ёшлар жалб этилади, ўз вазнини ўзгартирмоқчи бўлган атлетларга имконият берилади. Масалан, ўтган йили биз жароҳатланган Русланни безовта қилмасликка қарор қилдик. Мусобақаларда кўпроқ ёшлар хизматидан фойдаландик.

Анахаймда катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати тўртйилликнинг биринчи йилида амалга оширилган ишларимизга якун ясаб берди, десам адашмайман. Ушбу чемпионатда – 69 килограмм вазн тоифасида иштирок этган ёш спортчимиз Достон Ёқубов олтин медални қўлга киритган бўлса, бошқа вакилларимиз – Иван Ефремов (-105 килограмм) битта кумуш ва битта бронза, Фарҳодбек Собиров (-94 килограмм) кумуш, Адхамжон Эргашев (- 62 килограмм) бронза медалларини қўлга киритдилар. Мусобақада 105 килограммдан ортиқ вазн тоифасида иштирок этган қорақалпоғистонлик спортчимиз Рустам Жангабаевдан ҳам медаль кутган эдик. Аммо афсуски, жаҳон чемпионатига қадар ўтказилган барча халқаро мусобақаларда рақибларига ҳеч қандай имконият бермай, олтин медалларни қўлга киритган Рустам Анахаймдаги турнирда тўртинчи бўлди. Шунга қарамай, мураббийлар умидли ёш спортчимизнинг чемпионатдаги иштирокидан мамнун эканликларини эътироф этдилар. Сабаби, жаҳоннинг энг сара юлдузлари иштирок этган бу вазн тоифасида кучли тўртликдан ўрин олишнинг ўзи ҳам катта натижадир. Энг муҳими – терма жамоамиз умумжамоа ҳисобида мусобақада иштирок этган 68 давлат жамоалари орасида учинчи ўринни банд этди. Бу эса жаҳон чемпионатларида ўзбекистонлик оғир атлетикачилар томонидан қайд этилган энг яхши натижадир. Ана шундай ютуқларга эришган спортчиларимизни рағбатлантириш, навбатдаги йирик мусобақаларда атлетларимизнинг янада яхшироқ кўрсаткичларни қайд этишлари учун уларни қайсидир маънода руҳлантириш мақсадида Юртбошимиз фармойишига мувофиқ, Д. Ёқубов 12 000, Ф. Собиров ва И. Ефремов 6000, А. Эргашев эса 3000 АҚШ доллари миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланишди.

photo_2018-01-17_18-37-26.jpg

photo_2018-01-17_18-37-34.jpg

photo_2018-01-17_18-37-45.jpg

photo_2018-01-17_18-37-59.jpg

– 2017 йилда ўзбекистонлик оғир атлетикачилар яна қандай халқаро мусобақаларда иштирок этдилар?

– Анахаймда ўтказилган йирик турнирга қадар атлетларимиз Таиландда ва Японияда ёшлар ўртасида ташкил этилган жаҳон чемпионатларида, Озарбайжоннинг Боку шаҳри мезбонлик қилган IV Ислом бирдамлик ўйинларида, Туркманистон пойтахти Ашхободда бўлиб ўтган V Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритдилар. Непалда ёшлар ўртасида ўтказилган қитъа чемпионатида вакилларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи бўлдилар. Ушбу мусобақаларда барча етакчи мутахассисларининг касбий даражасини тубдан ошириш, ёш иқтидорли мутахассисларни жалб этиш, узлуксиз таълим ва малака ошириш тизимини яратиш яқинда мукофотланган ёшларимиздан ташқари Сарвар Тоштемиров, Саидмухтор Саидаҳроров, Акбар Жўраев, Шаҳзод Худойберганов, Муҳаммадқодир Тоштемиров, Кумушхон Файзуллаева, Турсуной Жабборова, Муаттар Набиева, Далера Давронова сингари келажаги порлоқ умидли спортчиларимиз ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлдилар.

– 2018 йилда терма жамоамиз аъзолари ва федерацияни қандай муҳим синовлар кутмоқда?

– 10 январда Чирчиқдаги ўқув машғулот базасида йиғилган барча тоифадаги терма жамоамиз аъзолари – катталар, аёллар ва ёшлар айнан шу кундан мавсумга тайёргарлик кўра бошладилар.

Эътиборлиси, 2018 йилда мамлакатимиз оғир атлетика бўйича ўтказиладиган иккита йирик халқаро турнирга мезбонлик қилади. Жумладан, 20-30 апрель кунлари Урганчда ўсмирлар ва ёшлар ўртасида Осиё чемпионатини, 3-14 июль кунлари эса Тошкент шаҳрида 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини ўтказиш режалаштирилган. Табиийки, бу мусобақаларнинг юртимизда ўтказилиши спортчиларимизу мураббийларимизга, федерациямиз, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ҳамда Миллий Олимпия қўмитасига катта масъулият юклайди. Зеро, терма жамоамиз аъзоларидан мезбон сифатида мазкур мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритиш талаб этилса, биз ташкилотчилар меҳмонларни яхши кутиб олиш, уларнинг яшашлари, машғулот ўтказишлари ва беллашувларда иштирок этишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш, бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини таъминлаш пайида бўламиз.

Бундан ташқари, 2018 йилда спортчиларимиз бошқа давлатларда ўтказиладиган қатор мусобақаларда иштирок этган ҳолда, юртимиз байроғини юқори кўтариш имкониятига эга бўладилар. Мисол учун, 18 август – 2 сентябрь кунлари Индонезия Осиё ўйинларига мезбонлик қилса, 18-25 сентябрда Польшада талабалар ўртасида жаҳон чемпионати, 6-18 октябрь кунлари Аргентинада Ўсмирлар ўртасидаги III Олимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ноябрь ойида Туркманистонда ташкил этиладиган катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида эса спортчилар «Токио-2020» Олимпиадаси йўлланмалари учун кураш олиб борадилар.

– Фикрингизча, оғир атлетика бошқа спорт турларидан биринчи навбатда қайси жиҳатлари билан фарқ қилади?

– Оғир атлетиканинг бошқа спорт турларидан асосий фарқи шундан иборатки, бу спортда спортчи рақиб билан бир қаторда штанга билан ҳам курашади. Ўз навбатида, бошқа бир қатор спорт турларида спортчи рақибини чалғитиш имкониятига эга бўлса, штангага нисбатан хийла-найранг ишлата олмайди, тошни алдай олмайди.

Бундан ташқари, мазкур спорт турида тактика танлаш муҳим ўрин тутади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсам, мусобақа давомида атлет мураббийи билан биргаликда вазиятдан келиб чиққан ҳолда қандай оғирликдаги тошни қачон кўтаришни билган ҳолда ҳаракат қилса – яхши натижаларга эриша олади. Аҳамиятлиси, бу чораларни рақиб имкониятларини ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш зарур. Ўз навбатида, оғир атлетикада тартиб, яъни режим катта аҳамиятга эга эканини айтиб ўтиш даркор. Бинобарин, енгил атлетикачи мусобақалар оралиғида югурган ҳолда, боксчи сакраш ва бошқа машқларни бажарган ҳолда спорт формасини сақлаб тура олса, оғир атлетикачи бу борадаги мақсадларига фақат тош билан муомалада бўлган ҳолда эришади.

– Болалар оғир атлетика билан неча ёшдан шуғулланишлари мумкин, деб ўйлайсиз?

– Мутахассислар бу борада биринчи навбатда, боланинг ёшига эмас, жисмоний ҳолатига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлайдилар. Шундай бўлса-да, спортнинг оғир атлетика тури ривожланган давлатларда болаларни ушбу спортга 8-10 ёшда жалб этиш мақсадга мувофиқ деб белгиланган. Шуниси аниқки, мураббийлар мазкур ёшдаги болаларга бирданига тош кўтартириб қўймайдилар. Аксинча, болаларга дастлаб тош кўтариш техникасини, штанга билан муомала қилишни ўргатадилар. Спортга энди кириб келган ўғил-қизларда реакцион тезлик ва ўта тезкор кучни шакллантириш учун уларга қисқа масофага югуриш, бир жойда туриб юқорига ва узунликка сакраш каби машқларни бажариш бўйича зарур кўрсатмалар берилади. Болалар ана шу босқичлардан ўтганларидан кейингина уларга ёши ва вазнига мос равишда тош кўтариш имконияти берилади. Шу ўринда болалар танасининг ҳамда қўл-оёқларининг эгилувчанлик даражаси улар катта бўлгани сайин секин-аста камайиб боришини айтиб ўтиш жоиз. Демак, ука-сингилларимизни спортга имкон қадар эртароқ жалб этишимиз зарур.

– Баъзи ота-оналар мунтазам тош кўтарган болаларнинг бўйлари ўсмай қолишидан қўрқадилар. Мутахассислар бундай фикрларга қандай муносабат билдирадилар?

– Бу гапларга мутлақо қўшилмайман. Аксинча, тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, оғир атлетика билан шуғулланадиган болалар ўсишга мойил бўладилар. Ота-оналаримизнинг аксарияти фарзандлари турникка осилса бўйи ўсиб кетади, деб ўйлайдилар. Тўғри, турникда ҳар хил гимнастик машқларни бажарган бола ўз саломатлигини яхшилашга эришади. Аммо бу машқлар кўпроқ бола кўкрак қафасининг кенгайишига ёрдам беради. Бўй ўстириш учун эса умуртқа поғонаси ҳамда оёқ мушакларини ҳаракатга келтириш зарур. Бола айнан тош кўтарган пайтда унинг бел ва оёқ қисмидаги пайлари қизиб, чўзилади. Бу эса бола бўйининг ўсишига сабаб бўлади. Аҳамият берган бўлсангиз, аксарият штангачиларимизнинг бўйлари баланд. Масалан, 12 ёшдан 35 ёшгача оғир атлетика билан шуғулланиб, кўплаб мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган атлетимиз Игорь Ҳалиловнинг бўйи 193 сантиметрга тенг бўлган. Иван Ефремовнинг бўйи 183 см. Руслан Нурудиновники – 182 см. Фарҳодбек Собировники эса – 178 см.

– Аёллар оғир атлетикасининг жаҳондаги ҳамда мамлакатимиздаги ривожи ҳақидаги фикрларингиз...

– Тан олиш жоиз: кейинги йилларда дунё миқёсида нафақат оғир атлетика, балки спортнинг бошқа турларида ҳам аёлларнинг иштирокини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Халқаро Олимпия қўмитаси давлатларга Олимпия ўйинларида қатнашиш имконини берувчи квоталарни тақдим этаётганда аёлларга эркаклар билан тенг миқдорда ўрин ажратмоқда. Шу сабабли ҳам федерациялар ўз давлатида хотин-қизлар спортини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.

Менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда юртимизда қизлар оғир атлетикасини оммалаштиришда баъзи тўсиқ ва муаммоларга дуч келинаётганини айтиб ўтиш лозим. Шунга қарамай, ота-оналаримиз орасида фарзандлари Барчиной каби соғлом ва бақувват бўлиб вояга етишишини хоҳлайдиганлар ҳам борлиги бизни мамнун этади. Ўз навбатида, баъзи одамларнинг тош кўтариш қизларнинг соғлиғига, кейинчалик фарзанд кўришига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деган гаплар ҳам ноўрин эканлигини айтиб ўтмоқчиман. Аксинча, оғир атлетика қоидаларга мувофиқ амалга оширилган машқлар аёлларга қорин прессини мустаҳкамлаш, организмни соғлом болани дунёга келтириш учун тайёрлаш ва бошқа жиҳатлар бўйича саломатликларини тиклашга ёрдам бериши амалда исботланган. Сўзимиз исботи сифатида Маҳлиё Тоғаева, Елена Сисоева каби дунё ареналарида юқори натижаларга эришган қизларимизнинг спортдаги фаолиятларини якунлаганидан сўнг соғлом фарзандларни дунёга келтирганларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

– Кейинги йилларда юртимизнинг қайси ҳудуди ёшлари ички мусобақаларда ўзларини кўрсатиб, яхши натижаларни қўлга киритмоқдалар? Уларни терма жамоага жалб этиш қай тартибда амалга оширилади?

– Мамлакат миқёсида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида ташкил этиладиган чемпионатларда юртимизнинг барча ҳудудлари вакиллари фаол қатнашиб келмоқдалар. Юқори натижалар эса кейинги вақтда Хоразм, Тошкент, Андижон, Навоий, Қашқадарё вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси вакиллари томонидан қайд этилмоқда.

Терма жамоа учун ўринбосарларни танлаб олиш, яъни селекция ишларини ташкил этиш Болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари (БЎСМ)дан бошланади. Айнан БЎСМда ўзини кўрсатган ўғил-қизлар маълум бир спорт тури, хусусан, оғир атлетикага ихтисослашган БЎСМга жалб этилади. Ана шундай махсус мактаб-интернатларида таҳсил олувчилар орасида энг яхши кўрсаткичларни қайд этган ўқувчилар таҳсил олишни давом эттиришлари учун Олимпия захиралари коллежлари (ОЗК)га юбориладилар. ОЗК машғулотларида ўзини кўрсатиб, мусобақаларда яхши натижаларга эришган қобилиятли йигит-қизлар ёшлар терма жамоасига жалб этиладилар. Ёшлар терма жамоасининг энг фаол вакилларига синчков мураббийларимиз катталар терма жамоаси аъзоси сифатида ўзларини синаб кўриш имкониятини тақдим этадилар. Шу тариқа катталар терма жамоасига ҳам янги кучлар келиб қўшилади.

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 январда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллий антидопинг агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори федерация фаолиятига қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлайсиз?

– Сир эмас, кейинги ўн-ўн беш йилда жаҳон спортида допинг билан боғлиқ можаролар сони кўпайиб кетди. Афсуски, бундай муаммолар ўзбекистонлик спортчиларни ҳам четлаб ўтмади. Ҳамюртларимизнинг бир нечтаси мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқидан, баъзилари қўлга киритган совринларидан маҳрум этилдилар. Юртбошимизнинг 2017 йил 9 мартдаги «Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган мазкур қарор юқорида тилга олинган муаммоларни бартараф этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилиши аниқ.

 Зеро, қарорда белгиланганидек, мазкур агентлик зиммасига спортда допинг қўлланишининг олдини олиш ва допингга қарши курашиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш, антидопинг назоратининг самарали тизимини, спортда фармакологик таъсир кўрсатувчи дори воситалари ва бошқа моддалар қўлланилишини назорат қилиш дастурлари, шунингдек, спортчилар ва спорт ташкилотлари учун интизомий регламентни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этиш каби бир қатор вазифалар юклатилди. Ўйлайманки, қарорга мувофиқ ишлаб чиқиладиган ана шундай тартиб ва регламент мамлакатимизда жорий этилса, спорт ташкилотларимиз допинг билан боғлиқ муаммоларни спортчиларимиз халқаро мусобақаларга чиқишидан анча аввал, яъни вилоятлар ва республика миқёсида ўтказиладиган турнирлар пайтида бартараф этиш имкониятига эга бўладилар.

  – Мамлакатимизда федерация томонидан спортнинг оғир атлетика турини янада ривожлантириш ва оммалаштириш учун қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда?

   – Маълумки, бугунги кунда оғир атлетика юртимизда бокс, дзюдо, эркин ва юнон-рум кураши қаторида Олимпия ўйинлари иштирокчиларини етиштириб берувчи энг устувор спорт турлари сифатида эътироф этиб келинмоқда. Ушбу эътирофни сақлаб қолиш мақсадида федерациямиз имкон қадар оғир атлетикани аҳоли ўртасида янада оммалаштириш бўйича қатор ишлар амалга ошириляпти. Хусусан, федерацияга ҳукуматимиз томонидан бириктирилган ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан ҳамкорликда ўтган йили Хоразм ва Жиззах вилоятларида янги оғир атлетика мажмуалари барпо этилди. Бўстонлиқ туманининг Чорвоқ қўрғонида жойлашган ўқув-машғулотлар базаси тўлиқ таъмирдан чиқарилган бўлса, айни кунда Чирчиқ шаҳридаги базани кенгайтириш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, Олимпия чемпиони Руслан Нурудинов туғилиб ўсган маскан – Андижон вилоятининг Хонобод шаҳрида, шунингдек, Ашхободда бўлиб ўтган V Ёпиқ иншоотлардаги Осиё ўйинлари ғолиби Рустам Жангабаевнинг юрти – Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош шаҳрида ана шу спортчилар номидаги оғир атлетика заллари қурилди.

 Ўз навбатида, мамлакатимизда оғир атлетикани янада ривожлантириш, юртдошларимизни ушбу спорт тури билан боғлиқ рўй бераётган воқеа-ҳодисалардан вақтида бохабар этиш мақсадида федерациянинг веб-сайти ишга туширилиб, унинг саҳифаларини мунтазам янгилаб бориш йўлга қўйилганини, деярли барча ижтимоий тармоқларда федерациянинг саҳифалари очилганини айтиб ўтиш жоиз.

Қисқаси, юртимиз оғир атлетикачилари машғулот олиб боришлари, саломатликларини мустаҳкамлашлари, мусобақаларда иштирок этишлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Фурсатдан фойдаланиб, федерациямиз номидан бу борада бизга кўмак бераётган ҳомий ташкилотларга миннатдорлигимизни изҳор этиб қоламан. Ўйлайманки, янги йилда спортчиларимиз уларга билдирилган ишончни оқлаб, яъни халқаро ареналарда аввалгидан ҳам яхшироқ натижаларни қайд этган ҳолда юртимиз шон-шуҳратининг жаҳон бўйлаб янада кенгроқ ёйилишини таъминлайдилар.

«O‘zbekiston bunyodkori» мухбири

Шуҳрат ХЎЖАЕВ суҳбатлашди.


новости
31 Января 2023
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги раҳбариятида янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.
25 Января 2023
Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинлари келгуси йил Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади.
23 Января 2023
Осиё ўйинларидаги оғир атлетика мусобақалари ва Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) жаҳон чемпионати ўртасидаги тафовутни кенгайтириш мақсадида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида оғир атлетика мусобақаларининг янги саналари эълон қилинди.
19 Января 2023
2023 йил оғир атлетика мусобақалари Самарканд шахри мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати билан бошланади.
16 Января 2023
Ушбу қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этиши билан эътиборлидир.
Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1