График работы:
Д-Ж 9.00-18.00
Название
наш Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1
ЗВОНИТЕ НАМ

Дунё оғир атлетикасидаги тарихий ўзгаришлар Тошкентда рўй бермоқда!

« Back

Дунё оғир атлетикасидаги тарихий ўзгаришлар Тошкентда рўй бермоқда! 06.07.2018 21:39

Юртимизда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионати олдидан режага кўра, Халқаро оғир атлетика федерациясининг муҳим йиғилишлари ўтказилди. Аввалига, ушбу нуфузли ташкилот Ижроия қўмитаси аъзолари йиғилиб қолган қатор муаммоларни биргаликда ечиб олиш мақсадида тўпландилар. Икки кун давомида барча қитъалардан сараланган етакчи мутахассислар кун тартибидаги қатор масалаларни муҳокама этдилар. Таъкидлаб ўтиш керак, Ижроқўмнинг Тошкентда бўлиб ўтган бу галги йиғилиши тарихий воқеалар билан эсда қоладиган бўлди. Сабаби, 20 йилдан буён халқаро мусобақалар учун ўзгармай келган вазн тоифаларига ниҳоят ўзгаришлар киритилди. Умуман, бу масала анчадан буён кўпчиликнинг диққат марказида бўлиб келаётганди. Энди, аниқроғи, 2018 йилнинг 1 ноябридан бошлаб халқаро мусобақалар учун янги вазн тоифалари жорий этилди. Ижроқўм аъзолари вазн тоифалари бўйича тегишли тартиб ва ўзгаришларни тасдиқлашди.

ALM_1932

Биринчидан, эркаклар учун ҳам, аёллар учун ҳам вазн тоифалари сони 8 тадан 10 тага оширилди. Табиийки, бу ҳолат энг аввало, спортчи ва мураббийларга қўшимча қулайликлар туғдиради.

Жаҳон ва қитъа чемпионатлари ҳамда ХОАФ шафелигидаги бошқа йирик мусобақалар, Гран-При турнирларида бундан буён катталар ва ёшлар, яъни 20 ёшгача бўлган атлетлар,

Эркаклар 55, 61, 67, 73, 81, 89, 96, 102, 109 ва +109 кг вазн тоифаларида,

Аёллар 45, 49, 55, 59, 64, 71, 76, 81, 87 ва +87 кг вазн тоифаларида иштирок этишади.

ALM_2129

Олимпия ўйинлари учун эса, Халқаро Олимпия қўмитаси билан келишилган ҳолда эркаклар ва аёлларда 7 тадан вазн тоифаси белгиланди. Демак, Олимпиадада

Эркаклар 61, 67, 73, 81, 96, 109 ва +109 кг вазн тоифаларида,

Аёллар эса 49, 55, 59, 64, 76, 87 ва +87 кг вазн тоифалари бўйича қатнашишади.

Табиийки, ўсмирлар, яъни 17 ёшгача бўлган атлетлар учун белгиланган вазн тоифалари ҳам ўзгарди. Бундан буён йирик халқаро мусобақаларда ўсмирлар, яъни

Йигитлар 49, 55, 61, 67, 73, 81, 89, 96, 102 ва +102 кг вазн тоифаларида,

Қизлар эса 40, 45, 49, 55, 59, 64, 71, 76, 81 ва +81 кг вазн тоифаларида иштирок этишади.

ALM_2150

Ўсмирлар Олимпия ўйинлари учун белгиланган вазн тоифалари билан боғлиқ ўзгаришлар ҳақида ХОАФ томонидан алоҳида маълумот тарқатилади.

Янги вазн тоифалари илк бор ноябрь ойида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида амалга киради.

Яна бир муҳим янгилик ҳақида. Оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинларига йўлланмалар бериш тартибига ҳам жиддий ўзгариш киритилди. Бундан буён ушбу спорт тури бўйича Олимпиада квалификацияси жамоалар ўртасида эмас, балки спортчилар ўртасида ўтказилади. Кўпчилик мухлисларнинг хабари бор, айнан шу масала ҳам узоқ вақтдан бери аксарият спортчи ва мураббийларнинг норозилигига сабаб бўлибкелаётганди. Ниҳоят, бу муаммога ҳам барҳам берилди. Энди муайян атлет Олимпиада лицензиялари ўйналаётган мусобақада ҳар галгидек, жамоага очко келтирмайди. Ҳар бир спортчининг ўзи йўлланма учун кураш олиб боради. Олимпиадага ҳар бир жамоа учун энг кўпи билан 4+4 (эркаклар ва аёллар), жами 8 та квота ажратилади.

ALM_2135

Бугун ХОАФ Йиллик конгресси бўлиб ўтди. Мазкур конгрессда дунёнинг 79 давлатидан келган мутасадди вакиллар иштирок этишди. Тадбирда Ўзбекистон ОАФ раиси Ботир Эркинович Зокиров иштирок этиб, мартабали меҳмонларни қутлади. У ўз сўзида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни юксалтиришга қаратилаётган давлат даражасидаги эътибор, Юртбошимизнинг спорт соҳасида хизмат қилаётган барча мутасаддилар, айниқса, спортчи ва мураббийларга кўрсатаётган чексиз ғамхўрлиги туфайли кейинги йилларда оғир атлетика Ўзбекистонда Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган етакчи спорт турларидан бирига айланганлигини таъкидлади. Мазкур чемпионатни ташкил этишда ҳам федерация ҳукуматимиз, Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси ҳамда Миллий Олимпия қўмитасининг бевосита қўллаб-қўвватлашига таяниб, мусобақани юқори савияда ўтказиш учун бор имкониятларни ишга солганлигини айтиб ўтди. Шундан кейин Конгресс иштирокларини Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Жасур Матчонов муборакбод этди.

ALM_2127

Конгрессда асосан, Ижроқўм йиғилишида кўрилган масалалар бўйича тасдиқланган хулосалар эълон қилинди. Бундан ташқари 2019-2020 йиллар давомида дунё миқёсида бўлиб ўтадиган энг йирик мусобақалар – ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатларини ўтказиш учун даъвогар мамлакатлар миллий федерациялари ўз имкониятларини намойиш этишди. Бу ҳақдаги якуний қарорлар бироз кейинроқ, ХОАФ Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишларида чиқарилади. Эртага жаҳон чемпионатининг асосий воқеалари – баҳслар бошланади. Соат 13.00 да биринчи бўлиб супачага 48 кг вазн тоифаси “В” гуруҳида қайд этилган спортчилар чиқишади. Кузатиб борамиз.


новости
31 Января 2023
Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги раҳбариятида янги лавозим тайинловлари амалга оширилди.
25 Января 2023
Жорий йил Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказиладиган ёзги Осиё ўйинлари келгуси йил Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарликнинг энг юқори нуқтаси ҳисобланади.
23 Января 2023
Осиё ўйинларидаги оғир атлетика мусобақалари ва Халқаро оғир атлетика федерацияси (IWF) жаҳон чемпионати ўртасидаги тафовутни кенгайтириш мақсадида Ханчжоу-2022 Осиё ўйинларида оғир атлетика мусобақаларининг янги саналари эълон қилинди.
19 Января 2023
2023 йил оғир атлетика мусобақалари Самарканд шахри мезбонлик қиладиган ўсмирлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати билан бошланади.
16 Января 2023
Ушбу қитъа чемпионати Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарни тақдим этиши билан эътиборлидир.
Адрес:
Тошкент ш. Чилонзор тумани Фуркат 15/1