
Бироз аввал кечки дастурда курашадиган спортчилар номи маълум бўлди. Қувонарлиси, унда 2 нафар вакилимиз финалда иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Дастлаб Сардор Нуриллаев -66 кг вазн тоифасида ярим финал беллашувини муваффақиятли ўтказди. Вакилимиз кундузги дастурда Айболат Истибай (Қозоғистон), Кеннет ван Гансбек (Бельгия), Муҳаммед Абдулмағвуд (Миср), Херлен Ганболд (Мўғулистон) каби дзюдочиларни енгиб, финал йўлланмасига сазовор бўлди. Ҳал қилувчи беллашувда унга мезбонларнинг ушбу вазн тоифасидаги биринчи рақамли вакили Важа Маргвелашвили рақиблик қилади.
-60 кг вазнда Кемран Нуриллаев ҳам акасининг ортидан зафарли юришларини давом эттирди. Самарқандлик дзюдочимиз Жошуа Кац( Австралия), Иссам Бассоу (Марокаш), Шаҳбоз Саидабуроров (Тожикистон) ва Константин Симеонидис (Россия)ни енгиб, олтин медаль сари дадил қадам ташлади. Унинг финалдаги рақиби Грузия термасининг бошқа бир вакили Темур Нозадзе бўлади.
Таъкидлаш жоиз, бу ҳар икки вакилимиз учун “Катта дубулға” мусобақаларидаги илк финал бўлади. Унда ғолиб бўлган дзюдочилар ўз ҳисобларига Токио Олимпиадаси рейтинги учун 1000 очкони қўшиб қўйишади. Афсуски, бугун мусобақада иштирок этган бошқа вакилларимиз медаллар учун курашни эрта тарк этишди.